"Кўкалдош" мадрасаси тарихи | Toshkent tilsimlari

"Тошкент тилсимлари" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
«Кўкалдош» мадрасаси Тошкент шаҳридаги тарихий обидалардан бири саналади. Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа Тошкандийнинг «Тарихи жадидайи Тошканд» китобида «Кўкалдош» мадрасасини Дарвешхон қурдирганини ёзади ва шу китобининг баъзи жойларида мадрасани Дарвешхон мадрасаси деб ҳам атайди.
Мадраса 1551-1575-йиллар орасида қуриб ишга туширилган. Бунга далил сифатида тарихчилар 1569-1570-йилларда ёзилган вақфномани келтирадилар. Унга кўра, Тошкент ҳокими Султон Дарвешхон бир карвонсаройни мадрасага вақф қилиб бергани айтилган.
«Кўкалдош» мадрасаси Чорсу майдонидаги Шаҳристон тепалигида Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжидининг ёнида анъанавий шарқ услубига риоя қилиб бунёд этилган. Унинг кенг ҳовлиси ҳужралар ва очиқ айвонлар билан ўралган. Ҳужралар сони 38 та бўлиб, дастлаб қурилганда мадраса уч қаватдан иборат бўлган. Бош фасад жанубга қараган, дарвозадан кираверишда чапда масжид, ўнгда дарсхона жойлашган. Масжид ва дарсхонанинг усти ўзаро кесишган равоқлар устига ўрнатилган қўш ички ва ташқи гумбазлардан иборат бўлган. Пештоқ сиркор парчин ва жилва нақшлар билан безатилган. XVIII асрга келиб қаровсиз қолган мадраса карвонсарой сифатида фойдаланилган. 1830-1831 йилларда Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбегининг даврида дарсхона ва масжид нураб тўкила бошлаган зангори гумбазлари ва иккинчи қаватнинг ғиштлари кўчириб олиниб, ҳозирги кунда бузилиб кетган Бегларбеги мадрасаси (бозорнинг юқори қисмида)нинг қурилишида ишлатилган.
1866-1886 йилларда рўй берган зилзила натижасида мадраса пештоқининг юқори қисми қулаб тушади ва мадраса вайронага айланади. 1902-1903 йилларда Тошкент шаҳри аҳолисининг хайрия маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Маблағ етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари тўхтаб қолиб, ёдгорлик ўзининг аввалги ҳолатига қайтарилмади.
Кўкалдош мадрасаси ва унинг ёнидаги Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжиди 1865 йилда Генерал Черняев бошчилигидаги Тошкентни забт этишда қаттиқ шикастланди.1886 йили рус муҳандислари томонидан хонақолар ва жомеъ масжид қайта таъмирланиш натижасида ўзининг дастлабки меъморий кўринишини тамоман йўқотди. Вақт ўтиши билан ўзаро урушлар, кучли зилзилалар, биноларнинг турли мақсадларда фойдаланиши, бир неча бор қайта таъмир қилиниши ва қайта тикланиши мадрасанинг дастлабки ҳақиқий гўзаллигини, муҳташамлигини аста-секин йўқотиб борган. Айниқса, XVIII асрнинг бошларида мадраса ташландиқ ҳолатга келиб қолган. Шу асрнинг охирида эса, карвонсарой мақсадида фойдаланилган. Коммунистик мафкуранинг ҳукмронлиги даврида мадраса биноси умуман қаровсиз қолиб кетган: хоналар омборхона, ётоқхона, ҳар хил устахоналар сифатида фойдаланилган. Табиий емирилиш даражасида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмади. Давлат томонидан олиб борилган таъмирлаш ишларидаги суистеъмолчилик ва масъулиятсизлик мадрасанинг янада аянчли ҳолатга тушишига олиб келди.
1974 йилда қабул қилинган мадрасани қайта тиклаш тўғрисидаги лойиҳалар лоқайдлик сабабли сурункасига бажарилмай келди. Маданият вазирлигининг маълумотига кўра 1985 йилдан 1991 йилгача таъмирлашга сарф қилинган маблағ 347.2 минг сўмни ташкил этган. Мустақиллик даврида мадрасанинг шарқий томонидаги жомеъ масжид ёнидан ўтган ичимлик суви қувурининг ёрилиши натижасида мадрасани икки марта сув босиб, жанубий қисми захлаб, шўрланиб кетди. Ушбу деворлар остида пойдевор бўлмаганлиги сабабли 2002 йилда қайтадан ғиштлари алмаштирилиб, янги пойдевор қўйилди.
«Кўкалдош» мадрасаси собиқ СССР Министрлар Советининг 1990 йил 29 декабрдаги № 4372 сонли қарорига асосан, 1991 йил 3 июнда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари идораси) тасарруфига топширилди. Шу вақтдан бошлаб мадрасанинг умумий таъмирланиши учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Илк бор мустақиллик даврида марҳум Эркин Саидаҳмедов мадраса учун ўз маблағлари билан фаол иштирок этиб, кенг кўламда таъмирлаш ишларини бошлаб берди. Сўнгра бу хайрли ишни марҳум Наим ота Жўраев давом эттириб, кўзга кўринарли даражага етказди. Наим ота даврида мадрасанинг шимолий ва жанубий пештоғи, ички ва ташқи томонлари дастлабки ҳолатига келтирилди.

Пікірлер: 7

  • @user-ne1od4jh3y
    @user-ne1od4jh3y10 ай бұрын

    Nechinchi yil.

  • @user-ln8fd3wo2y
    @user-ln8fd3wo2y10 ай бұрын

    Ko'kaldosh deb nomlanishini boisi nimada

  • @user-ee4qh5wn9n
    @user-ee4qh5wn9n9 ай бұрын

    Nechinchi yil

  • @munavarabdullayeva1141
    @munavarabdullayeva11418 ай бұрын

    Мен укигим келяпти оладимм

  • @user-ee4qh5wn9n
    @user-ee4qh5wn9n9 ай бұрын

    Kachan qurulgan

  • @munavarabdullayeva1141
    @munavarabdullayeva11418 ай бұрын

    Мент оладими укишга 50 ешман

  • @MR_XONDA
    @MR_XONDA10 ай бұрын

    Mma

Келесі