Bildirgi... Rahmat Bobojon she'ri

БИЛДИРГИ
Тўсатдан йўлларим йўлингга тушди,
Қисматим чекига тушди бир гуноҳ.
Висол аямади иккимизни ҳам -
Қўлларим қўлингдан айро тушган чоғ
Кечалар бир оғриқ кўнглингга тушди.
Одамзор оралаб ичкин бўзладинг,
Надомат шаҳрида адашдинг, балким.
Тўсатдан кўзимга тушди кўзларинг -
Ёниқ алвидони айтган каби жим.
Мен эса ўйладим
сўнгсиз бир оғриқ,
Ва шу изтиробга кўнмоқ ҳақида.
Яшамоқ ҳақида ўйламадим, йўқ,
Ўйладим мен сенсиз ўлмоқ ҳақида.
Эҳтимол, ўшанда кечиккан армон
Бугундан кечдию эртага тушди.
Эҳтимол, бир четда бахт кулди аён,
Айролик билдирмай ўртага тушди.
Ғўр қисмат жўнатган машъум хабарнинг
Топдик ўзимизча хулосасини.
Босиб ўтолмадик икков шаҳарнинг
Битта йўлкиралик масофасини.
Нари кет, деб сира шоширолмадик
Умрни хато-ю гуноҳларидан.
Наҳотки кўнгилни яширолмадик
Шафқатсиз жудолик нигоҳларидан...
Кечалар тўлғониб ким у ўксинган,
Ўй сурдим: ким қувди бахт отлиғ қушни?
Бир юрак дилдираб учди кўксимдан,
Бир юрак сарғайиб пойимга тушди.
2023 й.
Р. Б.

Пікірлер: 1

  • @mafio_a
    @mafio_a Жыл бұрын