Қадр кечаси ва унда қилинадиган ибодатлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Лайлат ул-қадр" - Қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг шу кечага бағишлаган сурасида айтиб ўтган.
Аслида, қадр кечасини қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Фақат тахмин қилинади, холос. Шу боисдан фақиҳлар томонидан унинг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд қавллар, тахминлар айтилган. Буларни бирма-бир (46 та қавлни) Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг машҳури жаҳон бўлган “Фатҳ ул-борий” асарида батафсил зикр қилган . Муҳаммад Абдулғафурнинг “ал-Исъоф” асарида ушбу қавл ва тахминларнинг 45 таси келтирилган. Уларнинг ҳар бир гапи ва тахминининг асоси, ҳадислардан ва саҳобалар гапларидан далили ҳам айтилган. Бинобарин, қадр кечасини топмоқчи бўлганлар йилнинг ҳар бир кечасини қадр ўлароқ кўриши ва ибодатдан ғафлатда қолмаслиги даркор!
Қайсидир кечада "Лайлат ул-қадр" бўлганлигини қандай билиш мумкин? Унинг аломатлари борми? Унинг айрим аломатлари айтилса-да, бироқ, умумий маънода уни кўпчилик билмасдан, ғофиллик ила ўтказиб юбориши аниқ. Бир уйда тоат-ибодатлар билан ўтказаётганларнинг айримлари "Лайлат ул-қадр"ни билиб, баъзилари умуман билмасдан ўтказиб юборишлари мумкинлиги манбаларда таъкидланган. Бироқ, барчаларига кечани ибодатда бедор ўтказганлик савоби берилади. Айрим олимлар "Лайлат ул-қадр"ни билганларгагина "Лайлат ул-қадр" кечаси ибодати савоби алоҳида қилиб берилади:
Имом Муслим ривоятидаги Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилинган ҳадисда "Кимки "Лайлат ул-қадр"ни унга тўғри келиб бедор ўтказса, ..." дейилса, Имом Аҳмад ривоятида: "Кимки "Лайлат ул-қадр"да имон ва ихлос билан бедор бўлса ва унга "Лайлат ул-қадр" мувофиқ келса, ..." дейилган. Мувофиқлик дегани бедор ўтказган кечаси аниқ "Лайлат ул-қадр" эканлигини билиш ҳисобланади.
Бироқ, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ушбу фикрга қўшилмайди: "Лайлат ул-қадр" фазилати борасидаги умумий маънодаги ҳадиси шарифларда мувофиқлик ҳақида сўз юритилмаган.
Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир. Буни билиб, сезиб қолиш бир каромат бўлгани учун Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний уни билган тақдирда ҳам ҳеч кимга гапирмаган маъқул, деганлар.
Қадр кечасининг аломатлари бор. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Уларда айтилишича, қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам бўлмайди, совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш бўлиб, ёғду сочиши ўта заиф ҳолатда бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда фаришталар кўплаб тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини тўсиб қўяр эканлар. Бир ҳадисда Қадр кечасида ёмғир ёғиши ва момоқалдироқ бўлиши ҳам айтилган.
Имом Абу Довуд, Баззор ва Ибн Хузаймалар Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай деганлар:
ليلة سمحة طلقة لا حارّة ولا باردة، تصبح شمسها صبيحتها صفيقة حمراء (تصبح الشمس يومها حمراء ضعيفة)
“Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади”.
Саҳобаларнинг улуғ қориларидан бири Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтар ва дер эканлар:
هى ليلة التى أخبرنا بها رسول الله صلى الله عليه وسلم انّ الشمس تطلع بيضاء ترقرق (أنها تطلع يومئذٍ لا شعاع لها)
“У бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўшанда оппоқ бўлиб, милтиллаб, ялтиллаб чиқади”. (Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Аби Шайба ривоятлари).
Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу: “Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)”, деган эканлар. (Имом Муслим ривояти). Бинобарин, ота-боболаримиз айтган гап ростдир: “Ҳар кечани қадр бил, ҳар кишини Хизр бил!”.
Ҳамидуллоҳ Беруний

Пікірлер: 3

  • @durdonairisova6322
    @durdonairisova6322 Жыл бұрын

    Alhamdulilah

  • @user-qt6on7dg9s
    @user-qt6on7dg9s8 ай бұрын

    🥰🥰🥰

  • @ravshanbek8515
    @ravshanbek8515 Жыл бұрын

    Аллохума Солли Аъла Саййиддина Мухаммад

Келесі