Ҳар нафасда уйғоқман... Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон хотирасига бағишланган кўрсатув

29 октябрь - Устоз шоир Омон Матжон (1943-2020) хотираси куни
Роса бир йил аввал 2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этган эди.
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжонни хотирлаб… “Севимли” телеканалининг "Ҳар нафасда уйғоқман. " телелойиҳаси. Фильм ижодкорлари: Юлдуз Файзий, Дониёр Орипов, Аҳрор Абдуҳакимов, Сардор Лутфуллаев, Санжар Каримов, Аброр Темиров, Фаррух Рўзматов, Даврон Акембоев, Муҳаммадали Темиров, Қаҳрамон Сайдуллаев. Матнни Санжар Саъдуллаев ўқиган.
Хуршид Даврон
ОМОН МАТЖОН ҲАҚИДА
Омон аканинг шахсияти мен мансуб бўлган авлод учун жуда қадрли эди, десам, хато қилмайман. Деярли ҳаммамизнинг илк китобларимиз Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг Омон Матжон раҳбарлик қиладиган шеърият бўлими томонидан тайёрланган. Бўлимда ишлаган адабиётшунос олим Асқарали Шаропов, Шавкат Раҳмон, шу бўлимда кичик муҳаррир бўлиб ишлаган Назми опа биз учун жуда қадрдон инсонларга айланган эдилар.
Омон ака Самарқанд университетида ўқиганида унга устозлик қилган атоқли адабиётшунос олим Нуриддин Шукуров мен туғилган Чордара қишлоғига туташ Туркманқишлоқлик эди. Шу инсон туфайли мен илк маротиба Омон ака билан танишганман. Вақт ўтиб, ака-укадай яқин бўлганман.
Қурбақаободдан янги ҳовли олганларида биз ҳашарга борардик. Ишлаш қаёқда дейсиз. Омон аканинг ўзи биринчи бўлиб тартибни бузарди: стол теннисида ўйин бошлаб юбарди. Ҳашарга борганларнинг ҳаммаси ишни қўйиб, шу ўйинни томоша қилишу гап сотиш билан овора бўлардик. Омон ака барчамизга ўзини тенгдошдек тутарди.
Омон ака ўзбек адабиётининг юксак чинорларидан бири эди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Маъруф Жалил каби шеъриятимиз обу ҳавосини белгилаб тургувчи ижодкор эди. Айни шу сабабдан ҳам унинг мероси адабиётимизнинг келгуси тақдирига ҳам жуда узоқ йиллар таъсир кўрсатади, деб ўйлайман. Илоҳим, Аллоҳи Карим раҳматига олган бўлсин.
Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири
Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида дунёга келган. Ўрта мактабни тугатгач, у Самарқанд Давлат университетида таҳсил олади. Омон Матжон 1969 йил олийгоҳни якунлаганидан сўнг, 2002 йилгача Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, сўнгра «Ёшлик» журналида бош муҳаррир, «Чўлпон» нашриётида директор бўлиб ишлаган.
Омон Матжон болалагиданоқ шеърлар ёзишни машқ қилгани ва илк шеърлари эса, мактаб деворий газеталарию туман газеталарида чиқиб турганини айтади. У ўзбек шеъриятига 1960-йилларда ўз йўли ва оҳангги билан кириб келади. 1970 йилда шоирнинг «Очиқ деразалар», деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқади. «Кейин «Карвон қўнғироғи», «Қуёш соати», «Ярадор чақмоқ» каби китобларим, «Беруний» драматик достоним, Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги достоним, «Ҳаққуш қичқириғи» деган қирқ афсонадан иборат китобим, «Дарахтлар ва гиёҳлар китоби» деб номланган экологик мавзудаги китобларим кетма-кет босмадан чиқди», дейди шиорнинг ўзи. Шунингдек, 1991- 2011 йиллар ўртасида шоирнинг «Иймон ёғдуси», «Эркин ҳаволарда», «Ардахива», «Халоскор Руҳ», «Шайх Нажмиддин Кубро, Тўрабекахоним ҳақидаги қиссалари, «Дийдор Азиз» каби китоблари чоп этилган.
Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 2006 йилда Омон Матжонга Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон берилган.
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этган.

Пікірлер: 5

  • @mansuralimov542
    @mansuralimov54223 күн бұрын

    Joylari jannat bo'lsin.

  • @shohruxfathullaev542
    @shohruxfathullaev5422 жыл бұрын

    Оллох суйган бандаларига кариликда халимликни беради деб эшитгандим. Юмшокфеьл, халим инсон эканлар. Оллох жаннат ахлидан килсин.

  • @user-mc7pm9hu5t
    @user-mc7pm9hu5t Жыл бұрын

    О.Матжон- Хоразм элининг, қолаверса Ўзбекистоннинг, шунингдек, ўзбек адабиётининг фахри ва гул тожидир. Унинг ижоди бир уммон, битиб тугамайдиган булоқ, ҳали асрлар оша авлодлар қалбини забд этажак. Лекин минг афсус-ки, унинг номини абадийлаштириш иши бирорта раҳбарнинг ўй-хиёлига келмаяпти, на республика, на вилоят, на туман миқёсида. Мен ишонаман, бир кунмас - бир кун албатта бу иш амалга ошади. Чунки мардлар иши ҳеч вақт беэътибор қолмаган.

  • @sodiqobloqulov5087
    @sodiqobloqulov50872 жыл бұрын

    ASSALOMUALAYKUM

  • @XurshidDavronKutubxonasi

    @XurshidDavronKutubxonasi

    2 жыл бұрын

    Vaalaykum assalom

Келесі